TOШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. 1916 йили қурилган ва ўтган йил бузилган собиқ Кауфман етимхонаси биноси Тошкент шаҳри марказида, Амир Темур хиёбони яқинида қайта тикланмоқда. Бу ҳақда қурилиш жойида бўлган Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Шаҳар ҳокимлиги томонидан ваъда берилганидек, етимхона қайта "реставрация" қилинмоқда. Кауфман етимхонаси дастлабки ҳолатида қайта тикланади, деди ушбу жараёнда иштирок этаётган қурувчилардан бири.
Қурилиш кетаётган жой темир девор билан ўралган. Аҳоли орасида энг кўп тилга олинган, машҳур Николай даври ғиштлари ҳам қурилиш майдонига келтирилган ва улардан сайқал беришда фойдаланилмоқда, деб хабар қилди мухбир.
Қурувчилардан бирининг сўзларига кўра, Кауфман етимхонаси музей кўринишида қайта тикланади.
Объект Наврўз байрами арафасида топширилиши кутилмоқда.