Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган хайрия марафони бекор қилинди

Маълум бўлишича, айни вақтда бутун Ўзбекистон бўйлаб хайрия мақсадини илгари суриб, пул ишлаётган фирибгарлар "болалаб кетган"
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Бугун Тошкент вақти билан 16-00да Республика президент қабулхонаси олдидан старт берилиши режалаштирилган Ақтўбе қурбонлари оилаларига ёрдам хайрия марафони бекор қилинди, деб хабар қилди воқеа жойидан Спутник Ўзбекистон мухбири.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хайриянинг биринчи кунида 60 млн сўм йиғилди
Эслатиб ўтамиз, куни кеча "Орзу ва ҳаёт" Халқаро хайрия жамоат фонди раҳбари Илҳомжон Қосимов Ақтўбе шаҳрида юз берган фожеа — автобус ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар оилаларига моддий ёрдам бериш мақсадида хайрия марафонини ўтказишини ҳақида хабар берган эдик.

Айни вақтда бутун Ўзбекистон бўйлаб хайрия мақсадини илгари суриб, пул ишлаётган фирибгарлар "болалаб кетган"и учун марафон ўтказилмайдиган бўлди.

Бу ҳақда марафон ташкилотчиси Илҳомжон Қосимов Спутник мухбирига хабар қилди.

Қосимов шунингдек, бу ҳақда ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ҳам расман маълум қилган. 

"Ассалому алайкум азизларим. Эълон қилинган таъзия марафони ўтказилиши хақидаги хабарни тўхтатилди деб ҳисоблашингизни сўрайман. Қандайдир кимсалар айнан биз тоза фикр билан бошлаган хайрли ишимиздан ғайрли мақсадда фойдаланиб ўзлари хисоб рақам очиб бутун ижтимоий тармоқга мени номимдан харакатланишни бошлаб юборишибди. Ҳар хил жавобгарликдан ўзимни соқит қилиш мақсадида ўтказиладиган таъзия марафонини ўтказмасликга қарор қилдим", — дейилган хабарда.

Пост муаллифи тавсиясига кўра, Ақтўбе қурбонлари оилаларига ёрдам беришни хоҳлаган фуқаролар бундан буёғига маҳаллий ҳокимлик вакилларига мурожаат қилишлари лозим.

Эслатиб ўтамиз, 52 кишининг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли фожеа Қозоғистон Республикаси Актўбе области Ирғиз тумани ҳудудидан ўтувчи "Самара-Чимкент" автомобил йўлининг 1068 кмда Калибой аҳоли яшаш пунктидан 10 км узоқликда юз берган.

Маълум бўлишича, Setra русумли автобус ҳаракатланаётган вақтида аланга олган. Автобус Қозоғистон жанубидан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олган бўлган. Автобус ичида бўлган 57 кишидан фақат 5 нафари омон қолган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг аксар қисми Наманган вилоятидан бўлган.