ТОШКЕНТ, 20 янв – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими 2018-2019 йиллар давомида болалар боғчалари очиш режасини тасдиқлади, деб хабар қилмоқда ҳокимияти матбуот хизмати.
Ушбу йилда Тошкентда 420 дан ортиқ кўп қаватли уй қурилади. Уларнинг 220 таси хусусий тадбиркорлар томонидан, 200 таси эса президент қарори асосида барпо этилади.
220 та ана шундай уйнинг 1-2 қаватларида тадбиркорлар томонидан кичик ҳажмдаги (ўртача 80 ўринли) болалар боғчалари ташкил этилиши кўзда тутилган. Ундан ташқари хусусий хонадонлар жойлашган маҳаллаларда ҳам 40-50 ўринли хусусий болалар боғчалари ташкил этилади.
Умумий ҳисобда Тошкент шаҳрида 2018 йилда 53 мингта, 2019 йилда 16 мингта, жами 69 минг нафар бола мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади.
Ҳар бир туманда 3 тадан 5 тагача болалар боғчаларига таълим муассасаларида соғлом ва тўғри овқатланишни таъминлаш мақсадида намунали фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда пойтахтда 632 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 185 таси хусусий. Таълим масканларида 123 мингга яқин ўғил-қиз тарбияланмоқда. 3-6 ёшли болалар умумий сони эса 190 мингдан ортиқ.