Жаҳон банки Ўзбекистон билан шериклик миқёсини янада кенгайтиришга тайёр

Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, ижтимоий инфратузилма ва коммунал хўжаликни модернизация қилиш, молия секторини ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги лойиҳалар, тиббиёт ва таълимдаги дастурларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева Жаҳон банки устувор миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон билан кенг миқёсли шерикликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди, деб хабар қилди президент матбуот-хизмати.

Ўзбекистонга Жаҳон банкининг бош ижрочи директори келади
Георгиева бу ҳақда куни кеча, 18 январ куни Ўзбекистон президенти билан учрашувда маълум қилган. Ушбу нуфузли халқаро молиявий институт делегацияси таркибига Жаҳон банкининг вице-президенти Сирил Мюллер, минтақавий директори Лилия Бурунчук, ижрочи директори Вернер Грубер ҳамда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ҳам киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Жаҳон банкига 1992-йилда аъзо бўлган. Ўзаро ҳамкорликнинг ўтган даврида умумий қиймати 2,9 миллиард доллардан зиёд имтиёзли кредит маблағлари жалб қилинган ҳолда, 30 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг қурилиши, энергетика ва саноат обектларида замонавий ва энергиятежамкор технологияларни жорий этиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аграр тармоқ салоҳиятини ошириш, сув ресурсларини бошқариш ва сув таъминотини яхшилаш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини модернизация қилиш, таълим соҳасини такомиллаштириш ҳамда мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларини қамраб олган бошқа кўплаб лойиҳалар шулар жумласидан.

Учрашувда 2017-2021-йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари доирасида шерикликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Жаҳон банкининг узоқ муддатли молиявий ресурсларини жалб қилган ҳолда инвестиция лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида тайёрлаш, уларни самарали амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, ижтимоий инфратузилма ва коммунал хўжаликни модернизация қилиш, молия секторини ривожлантириш, илғор технологиялар, давлат ва хусусий сектор шериклиги механизмларини жорий этиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги лойиҳалар, тиббиёт ва таълимдаги дастурларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари чет эллик инвесторларга қандай ваъда берди?
Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Кимнинг эзгу тилакларини етказди.

Жаҳон банки вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган, барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган ислоҳот ва ўзгаришларнинг янги босқичига юксак баҳо бердилар. Буларнинг барчаси мамлакатнинг узоқ истиқболга мўлжалланган барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, аҳоли фаровонлигини изчил оширишга мустаҳкам замин бўлаётгани таъкидланди.