Россия ИИВ ходимларига Ўзбекистонда дам олишга рухсат берилди

2018 йилда Россия Ички ишлар ходимлари дам олиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 янв – Sputnik. Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев муассаса ходимларига дам олиш учун хавфсиз бўлган чет мамлакатлар рўйхатини тасдиқлади, Россия Туроператорлар Ассоциацияси хабарига асосан.

Ички ишлар вазирининг 26 декабрда имзоланган “Россия Федерацияси ИИВ ходимларининг дам олиш мақсадида мамлакат ҳудудини тарк этиш тўғрисидаги”  буйруғига биноан муассаса ходимлари бориши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхати бир неча кўрсатгичлар бўйича танлаб олинган.

“Ички ишлар ходимлари дам олиш учун бориши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхати, ҳарбий-сиёсий, криминоген, санитар-эпидемиологик ва табиий офатлар эҳтимолини ҳисобган олган ҳолда тузилди”, — дейилган хабарда.

Ушбу рўйхатга Ўзбекистондан ташқари Абхазия, Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Куба, Тожикистон, Туркманистон ва Жанубий Осетия киритилган.

Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш йўл ҳаритаси тайёрланади

Олдин ушбу йўналишлар орасида Туркия ва Миср ҳам бор эди, лекин бўлиб ўтган терактлар ва Яқин Шарқдаги умумий нотинчлик туфайли ушбу йўналишлар рўйхатдан чиқарилган.

Туризм соҳаси экспертлари руйхатга киритилган Марказий Осиё мамлакатлари тўғрисида ўз фикрларини билдиришган.

Уларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон қизиқ экскурсион йўналиш, лекин авиачипталар нархи қиммат.

Тожикистонга эса Россиядан ташкилий саёҳатлар йўқ, яъни сайёҳларнинг ўзлари бу иш билан шуғулланишлари керак бўлади.

Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳам ташкил қилинаётган саёҳатлар сони унчалик кўп эмас.

Туркманистонга сайёҳат қилиш янада ноқулай, чунки ушбу мамлакат билан Россия орасида виза тартиби ўрнатилган. Ташкилий сайёҳатлар эса – умуман йўқ.