Оғир жудолик: Ўзбекистон таниқли адибидан жудо бўлди

Бугун таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ўзбек адабиётининг заҳматкашларидан бири Носир Фозилов касалхонада 90 ёшида вафот этди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Бугун таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, адабиётимиз заҳматкашларидан бири Носир Фозилов касалхонада 90 ёшида вафот этди, деб ёзган ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон.

"Инна лиллаҳи ва инна илаҳи рожиун. Оллоҳ раҳматига олсин! Марҳумнинг оила аъзолари, ёру дўстларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, сабр тилаймиз", — дейилади постда.

Ўзбек адабиётининг қутлуғ даргоҳига ўтган асрда — 50-йилларнинг иккинчи ярмида кириб келган Носир Фозилов 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманидаги Қориз қишлоғида таваллуд топди. Ота-онаси деҳқончилик билан шуғулланган, буваси Турсунмуҳаммад Аълам "Ғурбатий" тахаллуси билан шеърлар ёзган. Камий, Хислат, Сидқий-Хондайлиқийлар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб ижод қилган. Тошкентда унинг учта шеърий китоби чоп этилган.

Носир Фозиловнинг болалиги уруш даврига тўғри келганлиги учун ҳам ўқиб, ҳам ишлашига тўғри келди. Шу туфайли у ўз тенгдошларидан анча кеч, яъни, 1949 йилда ўрта мактабни тугатган. Сўнг Тошкентга келиб, Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга киради. Уни 1954 йилда тугатади.

Шундан сўнг "Гулхан", "Шарқ юлдузи" каби журналларда, нашриётларда турли лавозимларда ишлайди.