Британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй: Ислом Каримов ҳайкали аксар ёдгорликлардан фарқ қилади

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга атаб Москвада ўрнатиладиган ёдгорлик муаллифи, дунёга машҳур британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй бўлажак ёдгорлик ҳақида гапириб берди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 янв – Sputnik. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди британиялик ҳайкалтарош,  Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримовга атаб Москвада ўрнатиладиган ёдгорлик муаллифи билан интервьюни тақдим этди.

“Ушбу давлатнинг асосчисига хотира ёдгорлигини яратиш зиммамга катта масъулият юклашини таъкидлашни истардим. Масъулият ҳисси ушбу ёдгорликни яратишда муҳим ҳал қилувчи омил саналади. Биринчи Президентнинг шахсияти турли қирраларга эга. У аввало инсон, падари бузруквор, умр йўлдош, айни чоғда замонавий Ўзбекистоннинг отаси, халқаро миқёсда эътироф этилган атоқли давлат арбоби. Мен шу пайтга қадар бундай улкан кўламдаги сиёсий арбобнинг ҳайкалини ясамаганман”,  дейди у.

Унинг айтишича, Ислом Каримов тимсоли Самарқанддаги Регистон майдони манзарасида гавдаланади. Ҳайкал шоҳсупага ўрнатилмайди, балки атроф-борлиқ билан уйғунлик касб этади.

Пол Дэй ушбу ҳайкални яратишга киришишдан олдин Президентнинг ҳаёт йўлини англаш, мамлакат, Биринчи Президент ва унинг ватани билан маънавий-руҳий алоқага киришиш учун Самарқандга келиб, бир муддат бу ерда бўлганини айтди.

Лола ва Татьяна Каримовалар ишчи ташриф билан Москвага келишди

У яратган асарлар халқаро миқёсда кенг шуҳрат қозонган бўлиб, хусусан, қуйидаги машҳур ҳайкалтарошлик композициялари алоҳида эътироф этилади: қирол Георг VI нинг рафиқаси Елизавета хотирасига атаб ўрнатилган Она Қиролича ҳайкали, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий операцияларда иштирок этган британиялик ҳарбий хизматчиларга эҳтиром рамзи сифатида яратилган “Ироқ ва Афғонистон” хотира ёдгорлиги, “Британия учун жанг” ҳайкали, Лондоннинг Сент Панкрас станциясида бунёд этилган “Учрашув жойи” бронза ҳайкали.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида онаси Татьяна Каримова билан биргаликда Москвага ташриф буюргани ҳамда ҳайкалтарош Пол Дэй билан Ислом Каримов хиёбони лойиҳасини муҳокама қилишгани ҳақида маълум қилганди.
Интервью скульптора Пола Дэя фонду им. Ислама Каримова