Ўзбекистон Қирғизистоннинг уч шаҳрида 9та корхона ташкил этади

Мазкур корхоналарнинг бир қисми аллақачон ташкил этилган бўлса, баъзилари 2018 йил охиригача қуриб битказилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 янв – Sputnik. Ўзбекистон Қирғизистонда 9та корхона очади. Бу ҳақда Қирғизистон Инвестицияларни ривожлантириш ва ҳимоялаш агентлиги директори Шумкарбек Одилбек ўғлига таяниб nuz.uz хабар берди.

Ўзбекистон 2018 йилда Қирғизистонда Ravonнинг 2та моделини ишлаб чиқаришни бошлайди

Хабарда айтилишича, еттита компания Қирғизистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси мақомига эга бўлади. Artel Engineering (Ўзбекистон) ва "Л.Т.Б" (Қирғизистон) Artel русумидаги кир ювиш машиналарини йиғади, Perfect Plast Profil (Ўзбекистон) ва "Имзо Лтд." эса (Қирғизистон) пластик ва алюминий профиллар ишлаб чиқаради.

Бундан ташқари, "Ўзавтосаноат" "АвтоОндооЗавод" билан ҳамкорликда Қирғизистонда қишлоқ хўжалик техникаси ва автоприцепларни йиғиш бўйича иккита корхона очади. Шунингдек, Ўзбекистон компанияси Қирғизистоннинг "ДТ Техник" ва "Автоцентр Эстакада" компаниялари билан автобуслар йиғиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича заводларни очади. "Автоцентр Эстакада" ва "Ravon Motors Тянь-Шань" компаниялари автомобилларни йиғиш бўйича завод ва дилерлик маркази очиш бўйича келишиб олди.

Шунингдек, Artel Engineering Қирғизистонда ўз филиалини очади ҳамда MediaPark кўнгилочар марказини қуради.

Қайд этилишича, ушбу келишувларнинг барчаси бўйича меморандумлар имзоланган. Мазкур корхоналарнинг бир қисми аллақачон ташкил этилган бўлса, баъзилари 2018 йил охиригача қуриб битказилади. Янги корхоналар Бишкек, Ўш ва Қора-Болта шаҳарларида очилади.