Мирзиёев 14-январни ҳақиқий халқ байрами сифатида нишонлашга топшириқ берди

Ватан ҳимоячилари кунини расмиятчиликдан холи, кўтаринки ва таъсирчан руҳда, ҳақиқий халқ байрами сифатида, янгича шаклда ташкил этиш зарур, деди Мирзиёев
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Эндиликда Ўзбекистонда 14-январ Ватан ҳимоячилари куни ҳақиқий халқ байрами сифатида нишонланади, бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 январ куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида маълум қилди.

Ўзбекистон Ватан ҳимоячилари кунини ҳарбий маршлар билан нишонлайди
"Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим, деб ҳисоблайман.

Маълумки, ҳозирга қадар биз ушбу сана муносабати билан Тошкент шаҳрида республика миқёсида тантанали бир тадбир ўтказиш билан чекланар эдик. Бундай тажриба энди эскириб қолди ва ундан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман.

Бу масаланинг ҳаётимиздаги ўта муҳим, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини инобатга олиб, Ватан ҳимоячилари кунини расмиятчиликдан холи, кўтаринки ва таъсирчан руҳда, ҳақиқий халқ байрами сифатида, янгича шаклда ташкил этиш зарур.

Бундай тадбирларни айниқса ҳудудларда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳарбий-маъмурий секторлар — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари иштирокида, юксак савияда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш даркор", — деди президент.