ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Туркия 2018 йилни Троя йили деб эълон қилди, ушбу муносабат билан Туркия шимоли-ғарбида жойлашган қадимий Троя ва Чанакқалъа шаҳарларида тадбирлар ўтказилди, деб хабар қилди РИА Новости.
"Троя — бутунбошли цивилизациялар учун илҳом манбаи, асотирлар онаси, Шарқ ва Ғарб учрашган ва курашган ҳудуд, у ноёб меросга эга. Бизларга мерос қолган бу қадим тошларни нафақат асраб қолишни, балки жаҳон музейи ва туристик марказига айлантиришни хоҳлаймиз", — деган Чанакқалъа губернатори Орхан Тавли.
"Туркияда нефт конлари, табиий ерости бойликлари йўқ, лекин маданият ва тарих соҳаларида улкан бойликларга эга. Биз ғаройиб жўғрофий минтақада яшаш бахтига муяссар бўлганмиз, 24 та цивилизация ўтган бу ерда. Биз бу бойликларни қадрлашимиз билан бирга, аждодларимиздан бизга мерос қолган маданий бойликларни авлодларимиз учун асраб-авайлаш ва топшириш учун масъулиятлимиз.
Туркияни маданият соҳасида жаҳон брендига айлантиришга ҳаракат қиламиз ва бутун дунёга машҳур Троя бунда ёрдам беради", — деб баёнот қилган Туркия маданият ва туризм вазири Нўмон Қуртулмуш.
Вазир август ойида очилиши режалаштирилаётган Троя музейи Туркия ва жаҳон маданияти ва туризми марказига айланишига умид билдирган.