Кореянинг энг яхши жарроҳи соғлиқни сақлаш вазирига маслаҳатчи этиб тайинланди

Фаолияти давомида 8 мингдан ортиқ мураккаб амалиётларни муваффақиятли ўтказган Юн Тэк Рим Жанубий Кореяда бир неча маротаба энг яхши жарроҳ сифатида эътироф этилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Корея Республикаси Миллий шифохоналари ассоциацияси раиси, Чоннам миллий университети профессори Юн Тэк Рим Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланди, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрда Корея Республикасига расмий ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш тизими бўйича имзоланган шартномалар доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Хитойлик иқтисодчи Ўзбекистон ҳукуматида маслаҳатчи бўлиши мумкин

"Япониянинг Гуруме ва АҚШнинг Жон Хопкинс тиббиёт мактабларида малака оширган машҳур олим Кореядан ташқари, ўз фаолиятини халқаро миқёсда, хусусан, АҚШдаги ортопед-жарроҳлар академияси, Жаҳон ортопед-жарроҳлари ва травматологлари уюшмаси каби нуфузли ташкилотларда ҳам академик тадқиқотлар олиб боради", — деб маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Фаолияти давомида 8 мингдан ортиқ мураккаб амалиётларни муваффақиятли ўтказган Юн Тэк Рим Жанубий Кореяда бир неча маротаба энг яхши жарроҳ сифатида эътироф этилган. Профессор Юн Тэк Римдан таълим олиш, тиббий кўрикдан ўтиш учун дунёнинг деярли барча давлатларидан шифокорлар ва беморлар Жанубий Кореяга тез-тез ташриф буюриб туради.

"Соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси профессор Юн Тэк Рим халқаро миқёсда орттирган ўз тажрибаси ва илмий салоҳиятини мамлакатларимиз тиббиёт тизими учун сафарбар қилаётганидан ва ушбу меҳнатлари катта эътироф қозонаётганидан мамнун эканлигини билдирди", дея қайд этди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.