ТИВ Саратов вилоятидаги ЙТҲда жабрланган ўзбекистонликлар ҳолати ҳақида маълум қилди

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон фуқароси Чориева Саёҳат Ташпулатовна Саратов вилояти Петров туманидаги касалхонанинг реанимация бўлимига ётқизилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. Россия Ички ишлар вазирлигининг Саратов вилояти бўйича Бош бошқармаси маълумотига кўра, 7 январь куни тахминан соат 20.00 да федерал автомобил йўлининг 560-чи километрида йўл транспорт ҳодисаси рўй берган. Саратов вилояти томон ҳаракатланаётган BМW русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб РEНО русумли микроавтобус билан тўқнашган. ЙТҲ натижасида 5 киши жабрланган.

Санкт-Петербургда ЙТҲда 6 нафар ўзбекистонлик жабрланди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, барча жабрланганлар, шу жумладан 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ва ВМW ҳайдовчиси Петров туман касалхонасига олиб келинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, ҳозирги пайтда Ўзбекистон фуқароси Чориева Саёҳат Ташпулатовна (1982 йил 30 августда Қашқадарё вилоятида туғилган) Саратов вилояти Петров туманидаги касалхонанинг реанимация бўлимига ётқизилган. Унинг ҳолати барқарор, жабрланганнинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган РEНО микроавтобусининг бошқа йўловчилари енгил тан жароҳати олишган ва касалхонага ётишни рад этишган:

1. Фаёза Рустам қизи Эшпулатова, 1995 йилда туғилган;

2. Мухторхон Пулатович Гиёсов, 1972 йил 6 январда туғилган;

3. Нуриддин Илхамович Хайдаров, 1986 йил 14 февралда туғилган.

Ҳозирги вақтда элчихонанинг Консуллик бўлими жабрланган аёлга ёрдам бериш масаласини ҳал этмоқда.