ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. "Ўзстандарт" агентлиги томонидан тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида "Ҳалол" стандарти қабул қилинди, деб хабар берди агентлик матбуот хизмати.
"Ўзстандарт" агентлиги томонидан "Ҳалол" стандартининг қабул қилиниши тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини юқори стандарт талаблари асосида таъминлашга замин яратади", дейилади хабарда.
Маълумот берилишича, бугунги кунда "Ҳалол" белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, дунёда мусулмон аҳлининг ортиб бориши (тахминан 1,8 млрд одам, ер аҳолисининг 24 фоизи) "Ҳалол" белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг янада ошишини таъминламоқда.
Шунингдек, ҳалол туризм индустрияси жадал суръатларда ривожланаётган соҳа бўлиб, бу бозорнинг йиллик ҳажми 126 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда ва 2020 йилга бориб камида уч баробар ортиши кутилмоқда.