ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Тошкент юридик коллежи собиқ директори қонун олдида жавоб беради. Бу ҳақда ЎзА мухбирига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент юридик коллежи ўқувчилари дарс вақтида коллеж ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб, пичоқбозлик қилиши оқибатида уларнинг бири вафот этгани, бири эса оғир тан жароҳати олгани кўпчиликнинг қалбини ларзага солган эди.
"Ҳақиқатан ҳам содир бўлган мудҳиш воқеадан кейин Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур коллежда текшириш ўтказилди. Натижада бу ўқув масканида бошқа жиноятлар содир бўлаётгани ҳам аниқланди ва жиноят иши қўзғатилди.
Суриштирув давомида коллеж собиқ директори Наталья Темирова ва бошқалар давлат бюджети маблағларини йирик миқдорда талон-тарож қилиш, юридик коллежга ноқонуний йўл билан ўқишга кирган талабаларга дипломлар бериш каби ҳолатларга йўл қўйгани маълум бўлди", — деб таъкидлаган Раҳимова.
Мазкур жиноят ишига алоқадор бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланаётган Н.Темировага нисбатан 2017 йил 25 ноябрь куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.