ТОШКЕНТ, 8 янв – Sputnik. 7 январдан Тошкент шаҳрида жойлашган, Ўзбекистондаги энг йирик масжид бўлган "Ҳазрати имом" мажмуасида мўмин-мусулмонларни намозга чорловчи азон овоз кучайтиргичлар орқали янграй бошлади. Бу ҳақда azon.uz хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, намоздан сўнг масжид имоми бу воқеага алоҳида тўхталиб, кўплаб хайрли ишлари қаторида, азонни баланд овозда чақириш ҳам шахсан давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётганини маълум қилган.
Шунингдек, Ҳабибуллоҳ қори Абдураззоқов мамлакатда яна кўплаб масжидлар очилиши ҳақида ҳам айтиб ўтган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда азон овоз кучайтиргичлар орқали айтилаётган масжидлар сони кундан кун ошиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги барча масжидларни таъмирлаш, Қуръони карим мусобақасини ташкил этиш каби масалаларга тўхталиб ўтган эди.