ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Ўзбекистон чегарачилари "Нексия"сида бирданига 68та телевизор ва 2160 дона лампочка олиб ўтишга уринган шахсни қўлга олишди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
"2017 йилнинг 28 декабрь куни Фарғона тумани Қўрғонтепа маҳалласида Алижон Ўринбоевга тегишли "Нексия" машинасида умумий қиймати 142,5 миллион сўмлик 68та телевизор ва 2160 дона лампочка борлиги аниқланди. Мазкур товар-моддий бойликлар ўзбек-қирғиз чегараси орқали ноқонуний равишда олиб ўтилаётган бўлган", — деди МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси вакили.
Шунингдек, мазкур туманнинг Водил аҳоли масканида умумий нархи 80 миллион сўмлик аёллар косметикаси ва электр асбобларни чегарадан ноқонуний олиб ўтишга уринган Олимжон Мадаминов ҳам ушланди.
Бундан ташқари, ушбу туманнинг Кўктош аҳоли масканида чегарадан телевизор олиб ўтишга уринган беш нафар шахс аниқланган. Улар чегарачиларни кўрибоқ юкларини ташлаб Қирғизистон ҳудудига ўтиб кетишган. Улар ташлаб кетган товарлар умумий қиймати 40 миллион сўм деб баҳоланди.