Ўзбекистонда сайёҳлар учун замонавий автобус ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган SAZ HD 50 русумли автобуслар сайёҳлар учун барча қулайликларга эга бўлиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан мукаммал ишланган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Самарқанд автомобиль заводида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун мўлжалланган шаҳар ички сайёҳлик йўналишларига мўлжалланган SAZ HD 50 русумли автобуслар 50 дона ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Sputnik хабар қилди.

Тошкент - Чимкент йўналишида биринчи автобус йўлга чиқди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур транспорт сайёҳлар учун барча қулайликларга эга бўлиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан мукаммал ишланган. Автобусда телевизор, кондиционер, Wi-Fi, микрофон, аудиотизим ва овоз карнайлари мавжуд. Ҳар бир ўриндиқ хавфсизлик камарлари билан жиҳозланган. Бу автобусда сайёҳлар хордиқ чиқариб, сайр қилишлари учун барча шарт-шароит яратилган.

Автобусда кузатув видеокамера ҳам ўрнатилган бўлиб, у сайёҳлар хавфсизлиги учун хизмат қилади.

Автобуснинг умумий йўловчи сиғимдорлиги 44 йўловчини ташкил қилади. Ўриндиқлар сони 29 та. Автобуснинг тўлиқ массаси 9,5 тоннани, максимал тезлиги 80 км/соатни ташкил қилади.

Шу билан бирга, 2018 йил биринчи чорагида Германиянинг MAN русумли шаҳарлараро автобусларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ўз навбатида туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.