Юридик шахслар учун даромад солиқлари умумлаштирилди

Олиниш базаси бир хил бўлган даромад солиғи (7,5%) ва ободонлаштириш солиғи (8%) - ягона даромад солиғи (14%) сифатида умумлаштирилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 янв – Sputnik. Ўзбекистонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахслар учун даромад солиғи 14%ни ташкил қилади, дейилган РИА Новости хабарида.

“Расман даромад солиғи 7,5 %дан 14 %гача оширилди, лекин шу билан бирга ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи (8%) бекор қилинди”, — деди Солиқ қўмитаси вакили.

Қўмита вакили айтишига қараганда, ўтган йилларда Ўзбекистонда фаолият юритувчи юридик шахслар олган даромадларидан иккита солиқ тўлар эдилар – даромад солиғи ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи. Ушбу иккала солиқлар базаси бир хил бўлгани туфайли, улар ягона даромад солиғи сифатида умумлаштирилди.

2018 йилда солиқ босими бироз камайтирилиши мумкин

Шунингдек, 2018 йилда солиқчилик соҳасида яна бир қатор ўзгаришлар киритилди. Хусусан, оммавий томошалар, концертлар ташкиллаштирадиган корхоналар фаолиятидан олинадиган даромад солиғи 35 %дан 14 %гача камайтирилди.

Тижорат банклари  фаолиятидан олинадиган даромад солиғи эса – 22 % миқдорида сақлаб қолинди.

Уяли алоқа соҳасида фаолият юритувчи корхоналар учун ўзгарувчан даромад солиғи миқдори ҳам оширилди. Хусусан, алоқа операторининг рентабеллик даражаси 20%дан кам бўлса, у 14 % солиқ тўлайди, рентабеллик даражаси 20%дан ошган тақдирда, ошган миқдоридан – 50% даромад солиғи олинади.

Ўзбекистон иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларига таалуқли ўзгаришлар 29 декабрь куни имзоланган 3454-сонли президент карорида белгиланган.