ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik.Россия томони Ўзбекистон учун атом электр станцияси қуришни молиялаштиришнинг бир неча йўлларини таклиф қилишга тайёр, деб хабар қилди Sputnik мухбирига вазият билан яқиндан таниш бўлган манбаа.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда Ўзбекистон ҳукумати атом электр станцияси қуриш ва уни сармоялаштириш ҳажми борасида мукаммал таклиф тайёрлаш билан шуғулланмоқда.
“Бу сиёсий қарор ва у икки мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинади. Россия вазиятнинг ҳар томонлама ривожланишига тайёр. “Росатом” молиялаштиришнинг турли услублари билан ишлашни билади, жумладан давлат кредитлари, молия бозордан пул қарз олиш, ўз маблағлари ҳисобидан сармоя киритиш ҳамда BOO – Build-Own-Operate (Қур – Эгалик қил – Бошқар) услубида ҳам”, — деди суҳбатдош.
Россия томони Ўзбекистонга икки замонавий блокдан иборат бўлган, “3+” авлодга мансуб ВВЭР-1200 лойиҳасини таклиф қилди. Айнан шунга ўхшаш станция “Росатом” томонидан Бангладешда ҳам қурилмоқда. Унинг қиймати 13 млрд доллар бўлиб, ундан 11,3 миллиарди Россия томонидан давлат экспорт кредити сифатида берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон ва Россия орасида Атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланишга бағишланган Шартнома имзоланган эди. Ушбу Шартнома “Росатом” бош директори Алексей Лихачев ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ноджир Отажоновлар томонидан имзоланган эди.
Шартнома Ўзбекистон атом энергетикаси учун кадрлар тайёрлаш, АЭСлар ва илмий-изланиш реакторлари қуриш, уран конларини излаш, радиоизотоплар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорлик асосларини белгилайди.
Шунингдек, Шартнома муайян лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида икки томонлама қўшма комиссиялар, семинар ва симпзиумлар ташкил қилишни назарда тутади.